Республикамиз ва ундан ташқарида гастроль-концерт фаолиятини, шунингдек тўй, юбилей ва бошқа тантаналарда концерт хизматини кўрсатиш истагидаги санъаткорлар ижод намуналарини жонли ижро эта олган тақдирдагина лицензияга эга бўлади. Бу ҳақда “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси лицензия бўлими бошлиғи Одилжон Абдуқаххоров Kun.uz сайтига берган интервьюсида маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси қошидаги Миллий эстрада санъатини ривожлантириш ва мувофиқлаштириш кенгаши хузурида махсус ижодий гуруҳ ташкил этилган бўлиб, ушбу гуруҳ аъзолари номзодлар томонидан тақдим этилган ҳужжатларни кўриб чиқади.

2014 йилдан бошлаб эса лицензия олиш истагидаги санъаткорлар ижодий гуруҳ қаршисида ижод намуналарини жонли равишда ижро этиб бериши талаб этилмоқда. Шундан сўнг кенгаш хулосасига кўра фаолият олиб бориш учун лицензия тақдим қилинади.

Бунда вокал, овоз эшитиб кўрилади, саҳнада ўзини тутиш маданияти, шеър матни, мусиқаси ўрганилиб, миллий эстрадамиз талабларига мос хонандаларга лицензиялар топширилади.
Мазкур интервьюнинг тўлиқ матнини яқин вақтлар ичида сайтимиз орқали ўқишингиз мумкин.