29 октябр куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитасининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди. Унда депутатлар, республика вазирлик ва идораларнинг раҳбарлари, мутахассислар, экспертлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида 2016 йилга мўлжалланган “Бюджетнома” – Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг, давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг лойиҳалари, шунингдек солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари кўриб чиқилди.

Мажлисда 2016 йилги давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг лойиҳалари, муҳим асосий макроиқтисодий кўрсаткичлар прогнози, солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари кўриб чиқилди.
Келгуси йил учун давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг лойиҳалари, шунингдексолиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари ишлаб чиқилишида асосий макроиқтисодий кўрсаткичлар ҳисобланган ялпи ички маҳсулотнинг 7.8 фоизга, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 8.2 фоизга, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш 6.1 фоизга, капитал қўйилмалар ҳажми 9.6 фоизга ўсиши назарда тутилганлиги ҳамда мазкур кўрсаткичларнинг якунланаётган йилда ҳам юқори суръатларда ўсиши кутилаётганлиги асос қилиб олинган.
2016 йилда солиқ ва бюджет сиёсатини такомиллаштириш бўйича таклиф этилаётган чора-тадбирларнинг амалга оширилиши натижасида Давлат бюджети даромадлари 40.5 трлн сўмни, харажатлари 42.7 трлн сўмни ва Давлат бюджети тақчиллиги 2.2 трлн сўмни ёки ялпи ички маҳсулотга нисбатан 1.0 фоизни ташкил этиши кўзда тутилмоқда.

Депутатлар томонидан солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишларида иқтисодиётни модернизация қилишни рағбатлантириш, хўжалик юритувчи субъектлар, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўлллаб-қувватлаш, солиқ юкини пасайтириш, инвестиция муҳитини янада яхшилаш асосида макроиқтисодий кўрсаткичлар ўсишини таъминлашга ҳамда аҳоли фаровонлигини оширишга қаратилган қатор чора-тадбирлар назарда тутилаётганлиги алоҳида эътироф этилди.
Тадбир якунида муҳокама этилган масала юзасидан қўмитанинг қарори қабул қилинди.