Қозоғистоннинг Павлодар шаҳрида яшовчи 59 ёшли Екатерина Яценко меҳрибонлик уйларидан 4 нафар болани боқиб олган, 9 нафар бола унинг оиласида васийлик остида ва яна 7 нафар бола патронатлик асосида тарбияланмоқда, деб хабар бермоқда вилоят таълим бошқармаси раҳбари ўринбосари Саяна Мукановага иқтибос келтирган ҳолда Pavlodarnews.kz нашри.

Екатерина Яценко техникумни битириши биланоқ турмушга чиққан. Икки йилда кейин у биринчи қизи Нинани, яна икки йилдан кейин Надеждани ва яна уч йилдан кейин, яъни 1984 йилда кенжа қизи Полинани дунёга келтирган.

Аёл 1995 йилда дастлаб меҳрибонлик уйи тарбияланувчиси Иван исмли болани боқиб олган. Сўнгра у яна 3 нафар ўғил болани: 2001 йилда Владиславни, 2004 йилда Александрни, 2006 йилда Русланни боқиб олган.

“Мен ўзим онасиз катта бўлганим учун меҳрибонлик уйидан болаларни боқиб олишга қарор қилдим. Онам эрта ўтиб кетган, отам бошқа оиласи билан яшаган. Мени бувим ва холам вояга етказган”, демоқда аёл.

Таълим бошқармаси маълумотларига кўра, патронат тарбиялаш 2004 йилда ривожлана бошлаган. Шу йили Яценко таълим бошқармасида расмий патронат тарбияловчисига айланган.

“Екатерина Александровна оиласи бир неча авлод етимларини оёққа турғазган. Екатерина Александровна тарбияланувчиларидан бири ногирон бўлиб, у махсус парваришга муҳтож”, деб айтмоқда Саян Муканов.

Таълим бошқармасида маълум қилинганидек, айни пайтда аёлнинг васийлик ва патронати остида қуйидаги болалар тарбияланмоқда: ҳозирда Қарағанда давлат университетида таҳсил олаётган Арина Қодирбекова, Артём Рейн, Светлана ва Артём Гриценко, Иван Шабаев, Алмас Мукатаев, Денис Строганов, Рустам, Канағат ва Ерғанат Сакауовлар, Владислав, Александр, Андрей, Екатерина ва Зарина Ярмолюк ҳамда Ержан Шулембаев.