Украина президенти Пётр Порошенко 2014 йилда Майданда бўлиб ўтган воқеалар бўйича ишни судга топширишни талаб қилмоқда, деб хабар берди твиттерда Порошенконинг матбуот котиби Святослав Цеголко.

Украина бош прокуратураси 29 октябрда Хавфсизлик хизматининг собиқ бошлиғи Валентин Наливайченконинг айтган сўзларини қўшимча текшириш учун сабаб бўладиган ҳужжатларга эгалигини маълум қилди. Наливайченко аввалроқ Россиянинг 2014 йилда норозилик намойишларида Киев марказида одамларнинг ўққа тутилишига алоқадор эканлигини айтган.

Киевнинг бош майдони – Майдан 2013 йилнинг 21 ноябрида Украинанинг ўшандаги бош вазири Николай Азаровнинг Европа Иттифоқи билан уюшма тузиш бўйича келишувлар имзоланиши тўхтатилганини айтандан кейин, евроинтеграция тарафдорлари бўлган намойишчилар томонидан эгаллаб олинган. Кейинроқ Майдан ҳуқуқ-тартибот муассасалари ходимлари ва радикалларнинг тўқнашувлари марказига айланган. Тўқнашувлар оқибатида бир неча ўнлаб одам ҳалок бўлган.