Қозоғистонда давлат хизматчилари ва миллий компаниялар ходимлари Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев кўрсатган ўрнакка амал қилиб, Чимкентдаги “Алтин Адам” тикувчилик фабрикасида тикилган костюмларни фаоллик билан сотиб ола бошлашди. Бу ҳақда “Новости-Казахстан” ахборот агентлиги “NADLoC” маҳаллий ривожланиш миллий агентлигига иқтибос келтирган ҳолда маълум қилмоқда.

Қозоғистон президенти жорий йилнинг сентябрь ойида вилоятлар бўйлаб ўтказган ишчи сафарларидан бирида Қозоғистонда ишлаб чиқарилган костюм ва пойафзаллар кийишини айтган эди. Президентнинг ўрнагига биринчи бўлиб Қарағанда акими (ҳокими) Нурмухамбет Абдибеков амал қилиб, ўзига Қозоғистонда ишлаб чиқарилган костюмдан сотиб олди.

“NADLoC” маҳаллий ривожланиш миллий агентлиги томонидан енгил саноатни қўллаб- қувватлаш мақсадида акция ўтказилди. Тадбирда Инвестициялар ва ривожланиш вазирлигининг қўмиталари ишчилари, ривожланиш институтлари ходимлари бажонидил қўшилдилар. Шу куни ҳар бир қатнашчи, хоҳ у эркак, хоҳ аёл бўлсин, ўзига Қозоғистонда ишлаб чиқарилган костюм (нархи 20 минг тенгедан бошланади) сотиб олди. Зарурат туғилганда индивидуал буюртма бериш ҳам йўлга қўйилди”, дейилмоқда хабарда.

Агентлик маълумотларига кўра, “Алтин Адам” жаҳон ишлаб чиқарувчиларининг юқори технологик қурилмаларидан фойдаланган ҳолда эркаклар, аёллар ва болалар кийимларини лойиҳалаштириш, моделлаштириш, бичиш-тикиш бўйича тўлиқ циклга эга бўлган Қозоғистондаги ягона тикувчилик корхонаси ҳисобланади. Корхона маҳсулотлари хорижга экспорт қилинмайди, унинг асосий мақсади маҳаллий харидорларни ўзининг сифатли маҳсулоти билан таъминлашдан иборат.