Тошкент вилоятида 2015 йилнинг 9 ойида ЯҲМ ўсиши ҳажми 7,2 фоизни ташкил қилди

Ўзбекистон 30 Октябрь 2015 1470

Тошкент вилоятида жорий йилнинг 9 ойида вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва энг муҳим устувор вазифалар ижросини таъминлаш чора-тадбирлари муҳокамасига бағишланган фаоллар йиғилиши ўтказилди.

Йиғилишда таъкидланишича, Тошкент вилоятида 2015 йилнинг тўққиз ойида Маҳаллийлаштириш дастури доирасида 88,2 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди. 3,8 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинди.

Вилоят ҳокими А.Усмонов бошқарган йиғилишда вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлари, бошқарма ва идоралар, йирик саноат корхоналари, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари раҳбарлариқатнашди.

Ҳисобот даврида вилоятда белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирлар натижасида макроиқтисодий барқарорлик ва иқтисодий ўсишнинг юқори суръатлари таъминланди. Жумладан, ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажмининг ўсиш суръати 7,2 фоизни ташкил этди. Саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 13,8, қишлоқ хўжалиги 5,3, кўрсатилган хизматлар ҳажми 12,8, чакана савдо айланмаси 15,7, пуллик хизматлар кўрсатиш 12,2 фоизга ўсди.

Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларга эркинлик бериш ва ривожлантириш йўлида учраётган тўсиқларни бартараф этиш бўйича амалга оширилаётган тизимли чора-тадбирлар натижасида мазкур секторнинг ялпи ҳудудий маҳсулот таркибидаги улуши 61,2 фоизга етди.

Вилоятда фаолият кўрсатаётган 71 республика ва маҳаллий тасарруфдаги йирик саноат корхоналари томонидан 9,7 триллион сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилди. Кичик саноат корхоналари томонидан 2,3 триллион сўмлик товарлар тайёрланди.

2015-2016 йиллар куз-қиш даврини беталафот ўтказиш ҳамда қиш-баҳор мавсуми учун қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари захирасини яратиш, иқтисодиёт тармоқлари, ижтимоий ва коммунал соҳа, уй-жой фондининг куз-қиш мавсумига тайёргарлиги ҳамда ичимлик суви таъминотини яхшилаш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

Тошкент вилояти фаоллари йиғилишида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ғ.Ибрагимов сўзга чиқди.

Кўпроқ янгиликлар