Оқ уй Сурия президенти Башар Асаднинг тақдири бўйича ўз муносабатини ўзгартирди ва унинг тақдирини Суриядаги вазиятни тартибга солиш бўйича Венада бўлиб ўтаётган музокараларда муҳокама қилишга тайёр. Бу ҳақда Wall Street Journal нашри АҚШ маъмуриятидаги манбага иқтибос келтирган ҳолда хабар берди.

Венада 29 октябрда ёпиқ эшиклар ортида Россия, АҚШ, Саудия Арабистони ва Туркия ташқи ишлар вазирларининг учрашуви бўлиб ўтди. “Тўртлик” учрашуви бир соатга яқин давом этди. 30 октябрда музокараларга Эрон, БАА, Қатар, Иордания, Германия, Франция, Миср, Италия, Буюк Британия, Ироқ ва Ливан вакиллари ҳамда БМТ бош котибининг Сурия бўйича махсус элчиси Стаффан де Мистура ва Европа Иттифоқи дипломатияси раҳбари Федерика Могерини қўшилишлари керак..

Аввалроқ АҚШ ҳукумати Асаднинг сўзсиз кетишини талаб қилиб, унинг Суриядаги ўтиш вақтининг бир қисми бўла олмаслигини таъкидлаётган эди. Охирги вақтда Оқ уй Венада ўтадиган музокараларда вазиятга қараб иш тута олиш учун имкониятлар қолдириш мақсадида Асаднинг кетиши муддатлари борасида оммавий баёнотлар бермаган.