Хитойда оилада бир эмас, икки фарзанд туғилишига рухсат берилиши, янги демографик сиёсат бўлиб, бу нафақат хитойлик оилалар учун, балки болалар маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилар учун ҳам хушхабар бўлди, деб ёзади The Wall Street Journal.

Маълум бўлишича, ҳукумат томонидан қабул қилинган ушбу қарордан сўнг, айрим компанияларнинг акциялари сезиларли равишда ўсган. Болалар аравачаси ва ўриндиқлари ишлаб чиқарувчи Goodbaby International нинг акциялари 7,4 фоизга, болалар таоми ишлаб чиқарувчи Biostims нинг акциялари 5,5 фоизга, Beingmate Baby & Child Food компанияси акциялари эса 4,8 фоизга ўсган.

Нашрнинг таъкидлашича, худди шунга ўхшаш ҳолат икки йил аввал ҳам содир бўлган эди. Ўшанда Хитой ҳукумати иккита болалик бўлишга рухсат берган, фақат бундай ҳуқуқни эр-хотиндан бирортаси оилада ёлғиз бўлсагина қўлга киритиши мумкин эди. Ўшанда болалар таглиги ва таоми ишлаб чиқарувчи компанияларнинг акциялари бирдан кўтарилиб кетганди.

Ўша вақтда амалдорлар Хитой аҳолиси сони 2 миллион нафарга ошгани, 804 минг жуфтлик иккинчи фарзанд кўришни истаганини маълум қилишганди.