Японияда гриппдан бир кунда даволовчи дори биринчи клиник синовлардан муваффақиятли ўтди ҳамда ўзининг самарадорлигини кўрсатди. Бу ҳақда 30 октябрда Nikkei газетасига иқтибос келтирган ҳолда РИА “Новости” ахборот агентлиги маълум қилди.

Дори воситаси грипп вирусининг кўпайишига зарур бўлган ферментларнинг вирусга келишига тўсқинлик қилади. Шунинг эвазига бутунлай тузалиб кетиш учун дорини бир кун давомида истеъмол қилиш кифоя қилади.

Дорининг тажрибада қўлланишининг 2-босқичи ноябрда ўтказилиши режалаштирилмоқда, айнан шу вақтда грипп билан касалланиш ҳолатлари кескин кўпайиб кетади. Дори бир неча юз кишида синовдан ўтказилади.

Япония Соғлиқни сақлаш вазирлиги таблетка кўринишидаги дорининг самарадорлиги ва хавфсизлиги тасдиқлангандан кейин уни лицензиялаш бўйича зарурий жараённи ўтказади. Янги дори воситаси 2018 йилдан сотувга чиқарилиши кутилмоқда.