Миср ОАВлари гувоҳларга иқтибос келтирган ҳолда Шарм-ал-Шайҳдан Санкт-Петербургга 9268 рейси бўйича парвоз қилаётган пайтда фалокатга учраган Россиянинг “Когалымавиа” авиакомпаниясига тегишли Airbus 321 самолёти қулаши олдидан ҳавода ёниб кетган. Бу ҳақда Reuters ахборот агентлиги хабар бермоқда.

Самолёт Мисрдан Тошкент вақти билан соат 8.51да ҳавога кўтарилган ва шундан кейин радарлар экранидан йўқолиб қолган. Самолётда 217 нафар йўловчи ва 7 нафар экипаж аъзоси бўлган.

“Ёнаётган самолётни кўришган, тахминларча самолётнинг двигатели ёнган”, деб айтмоқда маҳаллий аҳоли.

Самолёт қулаган Синай яримороли аҳолисининг айтишича, самолётнинг бўлаклари тоғли ҳудудда катта майдонга сочилиб кетган.

Россия транспорт вазирлиги самолётнинг қулаши оқибатларини айтишга ҳали эрталигини айтмоқда.

Вазирликда айтилишича, фалокат сабабларини фожиани ўрганиш бўйича халқаро тергов ўтказилгандан кейин айтиш мумкин бўлади.