Хитой ва Жанубий Корея Сеул шаҳрида ХХР Давлат кенгаши раҳбари Ли Кэцяннинг Корея Республикаси президенти Пак Кин Хе билан бўлиб ўтган учрашувида иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлашга келишиб олишди.

Учрашув аввалида Корея Республикаси президенти ХХР раҳбариятининг минтақадаги тинчлик ва барқарорликка қўшаётган улушини эътироф этиб, мазкур суҳбат чуқур маъноларга эга бўлишига умид билдирди, дея хабар қилмоқда NHK телеканали. Ли Кэцяннинг қайд этишича, мамлакатга Пак Кин Хе президент бўлган давр мобайнида икки мамлакат раҳбарияти ўртасидаги алмашинувлар янада фаоллашиб, муносабатлар янги даражага кўтарилди.

Ҳозирча учрашув тафсилотлари ошкор қилингани йўқ. Бироқ суҳбат якунида иқтисодиёт соҳасида ҳамкорлик мустаҳкамлаш ва атроф-муҳитни ҳимоя қилиш бўйича меморандум имзоланиши маълум. Шунингдек, ҳар икки давлат раҳбарияти КХДРни ўз ядро ва ракета дастуридан воз кечишга чақиргани айтилмоқда.

Учрашув уч йиллик танаффусдан сўнг Сеул шаҳрининг ўзида Хитой, Жанубий Корея ва Япония раҳбарияти ўртасида бўлиб ўтган уч томонлама саммит арафасида ўтказилди. Бунинг учун якшанба, 31 октябрь куни Сеулга Япония бош вазири Шиндзо Абэ ҳам ташриф буюради. Душанба куни эса япон ҳукумати раҳбарининг Жанубий Корея президенти Пак Кин Хе билан учрашуви ўтказилади.