Россиялик оғир вазн тоифасидаги боксчи Александр Поветкин украиналик боксчи Владимир Кличко билан Киевда жанг олиб боришга тайёр эканлигини маълум қилди, деб хабар бермоқда Sportbox.ru.

Россиялик 4 ноябрь куни Қозонда ташкиллаштириладиган жангда польшалик Мариуш Вах билан рингга кўтарилади. Кличко эса 28 ноябрь куни Дюссельдорфда британиялик чарм қўлқоп устаси Тайсон Фьюри билан рубарў келади.
2015 йилнинг 30 май куни Кличко россиялик боксчи Александр Поветкин билан жанг қилишга тайёрлигини билдириб ўтганди. У жанг фақат Украина пойтахтида бўлишини ҳам таъкидлаб ўтган.

Улар ўртасидаги биринчи жанг 2013 йилнинг октябрь ойида Москвада бўлган, унда очколар ҳисобида украиналик боксчининг қўли баланд келган эди.

39 ёшли украиналик боксчи ҳозиргача 67 жанг ўтказиб, шундан 64 тасида зафар қучган (шундан 53 тасида накаут қайд этган) ва уч жангда мағлубият аламини тотиб кўрган. Кличко — оғир вазн тоифасида WBA, WBO, IBO ва IBF йўналишлари камари соҳиби ҳисобланади. 36 ёшли Поветкин ҳозиргача 30 жанг ўтказиб, шулардан 29 тасида зафар қучган (21 нокаут).