Россия транспорт вазирлиги ОАВларда Россиянинг Airbus 321 йўловчи самолёти Мисрда жангарилар томонидан зенита ракетаси билан уриб туширилгани ҳақидаги ахборотни рад этди. Бу ҳақда Россия транспорт вазири Максим Соколовга иқтибос келтирган ҳолда РИА “Новости” хабар берди.

“Ҳозир турли ОАВларда Шарм-аш-Шайҳдан Санкт-Петербургга учган Россия самолёти гўёки жангарилар томонидан зенита ракетаси билан уриб туширилгани ҳақида турли маълумот пайдо бўлмоқда. Бу ахборот ишонарли деб ҳисобланиши мумкинмас”, деб айтди Соколов.

Соколовнинг таъкидлашича, Россия мисрлик ҳамкасблари билан яқиндан ҳамкорлик қилмоқда ва уларда айни пайтда самолёт жангарилар томонидан уриб туширилгани ҳақидаги уйдирмани тасдиқловчи бирорта ҳам маълумот йўқ.

Шунингдек, ўз навбатида Миср Мудофаа вазирлиги ҳам бу маълумотни инкор этди.

“Бу хабар ҳақиқатга мос эмас, самолёт уриб туширилмаган”, деб айтди Мудофаа вазирлигидаги манба.