30 октябрда Суд-тиббиёт экспертизаси бюросига 5 ойлик Умарали Назаров жасадининг таҳлили натижалари келди. Шифокорларнинг дастлабки ташхиси тасдиқланди – бола ўткир респиратор вирусли инфекциядан вафот этган. Куннинг иккинчи ярмида натижалар Санкт-Петербургнинг Нева тумани тергов бўлимига юборилади.

5 ойлик Умарали жорий йилнинг 14 октябрида Цимблин номидаги болалар реабилитация Марказида вафот этди. Шифокорлар аввалига “гўдакнинг тўсатдан ўлиши синдроми” ташхисини қўйдилар, кейинчалик Тергов қўмитаси “ўткир респиратор инфекция” деган тахминни айтди.

“Катта одамлар учун хавф туғдирмайдиган касаллик, бир ёшга тўлмаган гўдаклар учун ўлимга олиб келиши мумкин – гўдакларда иммунитет ҳали ҳосил бўлмаган бўлади. Бола шифохонага тушмасидан олдин касал бўлган”, деб бюродаги манба хабар берди Life78 нашрига.

Касаллик аниқлангандан сўнг экспертлар тиббий клиник экспертиза белгилайдилар, унда мутахассислар касаллик тарихи ва унинг давосини ўрганадилар ҳамда болага қандай дори воситалари қачон, қайси вақтларда қўлланганини аниқлайдилар. Ушбу экспертиза натижаларига кўра боланинг ўлимидаги айбдор шахс аниқланади, деб тушунтириш берди Life78 манбаси.

Ушбу воқеа Россия ва Тожикистонда шов-шув бўлиб кетди. Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песковнинг айтишича, болакайнинг ўлими ҳақида Путиннинг ўзига хабардор қилинган.

Боланинг ўлими бўйича “Эҳтиётсизлик оқибатида ўлим етказиш” моддаси бўйича жиноий иш қўзғатилди. Шунингдек, терговчилар Умаралининг ота-онасига нисбатан ҳам текширув бошлашди, улар “ўз ота-оналик бурчларини бажармаганликда” гумон қилинмоқдалар. 

Россия бош вазири Дмитрий Медведев Тожикистон президенти билан учрашуви давомида  тожик муҳожирларининг 5 ойлик фарзанди ўлими бўйича тергов иши ўз охиригача етказилиб, айбдорлар жазоланишига ваъда берди.