Руминия ҳукумати 31 октябрга ўтар кечаси Бухарестда тунги клубда юз берган фожиадан сабоқ олишлари керак, деб айтди журналистларга мамлакат президенти Клаус Йоханнис “Коллектив” тунги клубида ёнғинда жабрланганлар етказилган шифохонага ташрифидан сўнг. Шифокорлар қурбонлар сони ошиши мумкинлигини айтишмоқда, чунки 146 нафар одам оғир куйиш жароҳатлари олган, 25 кишининг аҳволи жуда оғир деб баҳоланмоқда, 17 нафар ҳалок бўлган ва 5 нафар жароҳат олганларнинг шахси аниқланмаган. Руминия фожиа қурбонлари хотирасига 3 кунлик мотам эълон қилди.

Тунги клубда чиққан ёнғин оқибатида 27 киши ҳалок бўлган ва 200 дан кўпроқ киши жароҳат олган.

“Бу фожиа ҳамма нарсани таваккалга таяниб қилганимиз учун содир бўлди. Менда клубда хавфсизлик техникаси қоидаларига амал қилинмагани ҳақида маълумотлар бор. Қоидаларнинг инкор этилиши шу даҳшатли фожиага олиб келди. Ҳукумат ушбу фожиадан ўзи учун сабоқ чиқариши керак”, деб айтди Йоханнис.

Йоханниснинг айтишича, у Руминия ички ишлар вазири Габриель Опря ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги давлат котиби Раед Арафатни чақиртирди, улар президентга фожиани тергов қилиш бўйича биринчи ҳисоботларни тақдим қиладилар. Арафат журналистларга “Коллектив” тунги клуби эгалари пиротехникадан фойдаланиб шоу ташкил этишга рухсатлари бўлмаганини айтди.

Арафатнинг айтишича, клуб эгалари сўроқ қилинмоқда ва бу ҳолат бўйича бир нечта жиноий иш қўзғатилган. Бухарест прокуратураси фожиа бўйича жиноий иш қўзғатди ва дастлабки сўроқ пайтида клуб эгалари меъёрларга зид равишда, маблағларни тежаш мақсадида клубни енгил алангаланувчи материаллар билан жиҳозлаганлиги аниқланди.