Руминия пойтахти Бухарестдаги тунги клубда юз берган портлаш ва бунинг натижасида  чиққан ёнғин оқибатида камида 25 киши ҳалок бўлди, 88 киши шифохоналарга етказилди, деб хабар бермоқда Reuters ахборот агентлиги. 

Ҳозирча портлаш сабаблари номаълумлигича қолмоқда.

Руминия бош вазири ўринбосари Габриэль Опрянинг айтишича, “айни пайтда 25 киши ҳалок бўлган”. Воқеа жойида юзлаб “тез ёрдам” машиналари ва ўт ўчириш машиналари барча жабрланганларни эвакуация қилиш бўйича иш олиб борган.

Руминия ички ишлар вазири ўринбосари Раед Арафатнинг маълум қилишича, тунги клубда ўтказилаётган концерт пайтида 400 га яқин одам бўлган ва ҳалок бўлганлар сони ошиши мумкин. Тунги клубдан қочиб чиққан эркакнинг айтишича, тунги клубдаги одамлар орасида саросима ва бинодан чиқаверишда тиқилинч юзага келган.

Арафатнинг айтишича, одамларнинг бир қисми ўз автомобилларида ва таксиларда шифохонага йўл олганлар. Ҳозирда 145 киши шифокорларга мурожаат қилгани айтилмоқда.

Арафатнинг таъкидлашича, ҳозирда шифохоналарда юзага келган навбатни бартараф этиш ва жабрланганларга ёрдам кўрсатиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.