Standard & Poor's рейтинг агентлиги Саудия Арабистони рейтингини пасайтирди, бунга сабаблардан бири нефть нархининг пасайиши бўлди. Бу ҳақда халқаро агентлик материалларига иқтибос келтирган ҳолда Bloomberg ахборот агентлиги маълум қилди.

Саудия Арабистонининг хорижий ва миллий валюталардаги узоқ муддатли кредит рейтинги “АА-“ (юқори сифатли тўлов қобилияти) даражасидан “А+” (ўртадан юқори сифатли тўлов қобилияти) даражасига туширилди. Агентликнинг таъкидлашича, прогноз ҳам “салбий” бўлиб қолмоқда.

S&P бундай ўзгаришларни мутахассисларнинг 2015 йилда Саудия Арабистони бюджет дефицитини 16 фоизга баҳолашгани билан асослади. Таққослаш учун, 2014 йилда дефицит 1,5 фоизни ташкил қилган. Бундай дефицит ўсишига нефть нархининг кескин тушиши сабаб бўлмоқда.