2015 йилнинг 1 ноябрь куни Ўзбекистонга Америка Қўшма Штатлари давлат котиби Жон Керри ташриф буюради. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди.

Хабарда келтирилишича, ташриф чоғида АҚШ давлат котибининг Ўзбекистон Президенти И.А.Каримов билан учрашуви режалаштирилмоқда. Жон Керри Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтадиган Марказий Осиёнинг бешта давлати ва АҚШ ташқи сиёсат идоралари раҳбарларининг учрашувида ҳам иштирок этади.

Ташқи ишлар вазирлиги, шунингдек, 2015 йилнинг 31 октябрь – 1 ноябрь кунлари Марказий Осиёнинг бешта давлати ва АҚШ ташқи сиёсат идоралари бошлиқларининг учрашувида иштирок этиш учун Ўзбекистонга Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон ташқи ишлар вазирликлари раҳбарлари келиши кутилаётгани тўғрисида ҳам расмий хабар берди.