Аввал хабар қилинганидек, 1 ноябрь куни Ўзбекистонга АҚШ давлат котиби Жон Керри ташриф буюради. Унинг мамлакатимизга ташрифи жараёнида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов билан икки томонлама музокаралар олиб борилиши, шунингдек, Самарқанд шаҳрида Марказий Осиёнинг беш мамлакати (Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон) ташқи ишлар вазирларининг учрашувида иштирок этиши режалаштирилган.


“Жаҳон” ахборот агентлиги томонидан АҚШ давлат котибининг Ўзбекистонга ташрифига бағишланган мақола чоп этилди. Унда келтирилишича, Ўзбекистон-Америка самарали музокараларининг ривожланиши умумқабул қилинган тамойиллар ва халқаро ҳуқуқ нормалари, ҳар икки давлатнинг суверенитети, мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлигига хурмат, бир-бирининг манфаатларини ҳисобга олиш ва демократик қадриятларига содиқликка асосланган.

Ҳамкорлик 2002 йилда имзоланган Стратегик ҳамкорлик тўғрисидаги деклорация шартлари асосида амалга оширилиб, унда стратегик ҳамкорликни ривожлантиришнинг асосий тамойиллари ва йўналишлари белгиланган.


Агентлик Ўзбекистон ва АҚШ алоқаларига эътибор қаратар экан, икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий муносабатларга алоҳида тўхталиб ўтди.
Мақолада таъкидланганидек, икки мамлакат тадбиркорлик доираси ўртасидаги самарали музокараларни амалга оширишда 1993 йилда ташкил этилган Америка-Ўзбекистон савдо палатасининг ўрни муҳим. Мазкур ташкилот потенциал шериклар ўртасида бевосита алоқаларни таъминлаш мақсадида мунтазам равишда бизнес-форумлар ва кооперацион биржалар ўтказиб келмоқда.
Хусусан, жорий йилнинг 19 октябрида Вашингтонда мамлакатимиз делагацияси ва Америка-Ўзбекистон савдо палатаси аъзолари иштирокида бўлиб ўтган анъанавий Америка-Ўзбекистон бизнес-форуми ҳар икки давлатнинг ўзаро ҳамкорликни кенгайтиришга қизиқиш билдираётгани яна бир марта кўрсатди.
Америка-Ўзбекистон савдо палатаси раиси Кэролин Лэммнинг таъкидлашича, палата ўзаро савдо ҳажмини 1 миллиард долларгача ошириш бўйича ҳамкорликдаги лойиҳа ва дастурларни амалга ошириш тарафдори.
“Жаҳон” ахборот агентлиги тақдим этган маълумотга кўра, бугунги кунда республикада АҚШ компаниялари иштирокидаги 162та корхона фаолият кўрсатмоқда. Уларнинг 119таси қўшма корхона ҳисобланса, 43таси эса 100 фоизлик хориж капитали асосида ташкил этилган. Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги қошида автомобилсозлик, нефть-кимё, текстиль, озиқ-овқат, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш сингари соҳаларда фаолият кўрсатувчи 36та Америка компанияси аккредитациядан ўтган.


General Motors, Boeing, General Electric, Coca-Cola, Caterpillar, CNH Industrial ва бошқалар АҚШнинг Ўзбекистондаги йирик сармоядорлари қаторидан ўрин олган.