Таниқли америкалик актёр Жорж Клуни ўзининг рафиқаси, келиб чиқиши ливанлик бўлган адвокат Амал Аламуддинга тўйларининг бир йиллиги муносабати билан ресторан совға қилди. Клуни ва Аламуддин ўтган йилнинг сентябрь ойида Венеция мэриясида никоҳларини қайд қилишган эди. 

“Ал-Хаят” газетасининг маълум қилишича, гап япон ошхонаси таомларини тортиқ қилувчи энг яхши ва қимматбаҳо ресторанлардан бири бўлган Asanebo Sushi’нинг Лос-Анжелес шаҳри Вентура кўчасида жойлашган филиали ҳақида кетмоқда. Лос-Анжелес шаҳридаги ресторан Клуни уйининг ёнида жойлашган бўлиб, унинг 35 ёшли рафиқасига бу ресторан жуда ёқиб қолган эди.

Жуфтлик вақтларини кўпинча айро ўтказадилар: Амалнинг адвокатлик идораси Лондонда жойлашган, Жорж эса хорижда суратга тушиш ишлари билан машғул. Бундай вақтларда Амал ва Жорж бир-бирларини жуда соғинадилар. Бундан ташқари, Амал сушини жуда хуш кўради ва турмуш ўртоғи билан суҳбатларда Лондонда ҳам Лос-Анжелесдаги каби япон ресторани йўқлигини бир неча бор афсус билан гапирган.

Ва Клуни ҳақиқий сеҳргар каби иш тутди. У Asanebo хўжайини билан келишиб, Лос-Анжелесдаги филиални Лондонга кўчиришга келишиб олди. Актёр рестораннинг янги жойда жиҳозланиши учун барча харажатларни (460 минг доллар) ўзи қоплади, керакли жиҳозларни сотиб олди ва реклама учун харажатларни тўлаб берди. Энди унинг юрагини забт этган энг яқин одами – рафиқаси Амал худди Лос-Анжелесдаги каби Лондонда тансиқ таомларни тановул қилиши мумкин бўлади.