АҚШ Давлат департаменти томонидан эълон қилинган Ҳиллари Клинтоннинг ёзишмалари орқали унинг Буюк Британия собиқ бош вазири Тони Блэр билан Ливиянинг собиқ раҳбари Муаммар Каддафи бўйича ўтказган музокаралари ҳақида маълум бўлди. Бу ҳақда Daily Mail хабар ёзди.

Хабарда айтилишича, Тони Блэр ўз ёзмаларида ўша вақта АҚШ Давлат котиби лавозимида бўлган Ҳиллари Клинтондан Муаммар Каддафини "йўқ қилмаслик"ни сўраганди.

Тони Блэр ўз мактубида Ливия етакчиси билан телефон орқали бир неча марта мулоқот қилгани, мамлакатда тинчлик ўрнатишга ҳаракат қилиши ва фуқаролар уруши тўхтатилиши ҳақида маълум қилган.

Бироз олдинроқ, АҚШ Давлат департаменти Ҳиллари Клинтоннинг 7 мингга яқин электрон ёзишмаларини оммага маълум қилганди.

Тони Блэр ўз вақтида Каддафига истеъфога чиқишни маслаҳат берган, лекин у ўз ватанини ташлаб кетишга рози бўлмаган.

Тони Блэр шунингдек, Буюк Британия бош вазири Дэвид Кэмеронни Муаммар Каддафига қарши курашдан қайтармоқчи бўлган.

2011 йилда Блэр АҚШ ва Европа мураккаб вазиятда тургани ва низо ҳал этилишига уларни ишонтириш кераклиги ҳақида огоҳлантирган. Мазкур суҳбатнинг эртасига БМТ Хавфсизлик кенгаши Каддафининг мулкларини музлатиш ҳақида резолюция қабул қилган, ой охирига бориб эса Буюк Британия Ливия етакчисига қарши халқаро коалицияга қўшилган.

Орадан тўрт ой ўтиб Сирт учун кечган жангларда Каддафи қўлга олинган ва ўлдирилган.

Эслатиб ўтамиз, Тони Блэр Ироққа бостириб кириш ИШИДнинг пайдо бўлишига сабаб бўлганини тан олганди.