Қозоғистон ташқи ишлар вазири Ерлан Идрисов Марказий Осиё барча мамлакатларнинг манфаатлари мос келадиган минтақа бўлиши керак, деб ҳисоблайди. У ўз мулоҳазасини Самарқанд шаҳридаги Форумлар мажмуасида 1 ноябрь куни Марказий Осиёнинг беш мамлакати ва Америка Қўшма Штатлари ташқи сиёсат маҳкамалари раҳбарларининг учрашувида айтиб ўтди. Бу ҳақда ТАСС агентлиги хабар берди.

“Биз минтақанинг катта муваффақиятларга эришишини, Марказий Осиё манфаатлар қарама-қарши эмас, балки ўзаро мос келадиган жой бўлишини истаймиз”, - деди Қозоғистон ТИВ раҳбари Идрисов.

Қозоғистон ташқи ишлар вазирлиги вакили Алтай Абибуллаевнинг “Твиттер”даги микроблогида ёзишича, Марказий Осиёнинг беш мамлакати вазирлари ҳамда АҚШ давлат котиби ҳудуддаги истиқболли, долзарб ва муаммоли масалалар бўйича фикр алмашган Самарқанд шаҳрида ажойиб муҳит ҳукмрон бўлди.