29 октябрь куни Жанубий Суданда, Малакал шаҳридан шимолроқда исёнчилар томонидан асирга олинган БМТ тинчлик миссияси вакиллари сони 13 нафар экани маълум қилинди. Бу ҳақда АР агентлиги хабар берган.

Бундан олдинги хабарларда БМТнинг 12 нафар вакили асирга тушгани айтилганди.

БМТ ходимлари Нил бўйлаб баржада ёқилғи, қурол ва асбоб-ускуналар олиб кетаётганида уларга қуролли исёнчилар ҳужум қилган. Экипажнинг 20 нафар қўлга олинган ишчилар кейинчалик қўйиб юборилган, БМТ ходимлари эса ҳамон тутиб турилмоқда.

Маълумот учун, Жанубий Суданда 2013 йилнинг декабридан буён ҳукумат қўшинлари ва исёнчилар ўртасида қонли жанглар давом этмоқда. Зиддиятнинг бир томонида динка қабиласидан чиққан Салва Киир (мамлакатнинг қонуний президенти) турган бўлса, иккинчи томон, исёнчилар раҳбари Риёқ Машар нуэр қабиласи вакили ҳисобланади.