Украина президенти Пётр Порошенко Украинада энг олий лавозимни эгаллаши давомида ўзининг бойлигини бир йил ичида 20 фоизга, яъни 979 млн долларгача оширишга муваффақ бўлди. Бундан Dragon Capital инвестицион компанияси билан бирга “Новое время” нашри томонидан тузилган ҳар йилги “Энг бадавлат 100 украиналик” рейтингидаги маъдумотлар дарак бермоқда.

Порошенко бу рейтингда бирданига 3 поғонага кўтарилиб, 6-ўринни эгаллади. “Порошенко чуқур инқироз даврида ҳам фаол ривожланаётган – янги ишлаб чиқариш қувватлари қураётган ва янги бозорларни эгаллаётган ўзининг қандолатчилик бизнесининг баҳоси ошиши ҳисобига юқорига кўтарилиб олди”, деб таъкидламоқдалар рейтинг тузувчилари.

Энг бадавлат украиналикларнинг биринчи 5 талигига кирган Ринат Ахметов, Игорь Коломойский, Геннадий Боголюбов, Виктор Пинчук ва Дмитрий Фирташ каби олигархлар йўқотишларга учраган бир вақтда, Порошенко бундай ижобий натижага эришгани вазиятга бирмунча қалтисроқ кўриниш беради.

Нашр маълумотларига кўра, юқоридаги 5 нафар тадбиркорнинг бойлиги бир йил ичида 17-56 фоизга камайиб кетган.