Мисрда ҳалокатга учраган A-321 самолёти йўловчиларининг жасадларини қидириш ишлари яқин вақт ичида тугалланади. Бу ҳақда 1 ноябрь куни "Россия 24" канали эфирида РФ ФВВ раҳбари Владимир Пучков маълум қилди.

"Мен яқин вақт ичида мисрлик ҳамкасбларимиз билан барча қурбонларнинг жасадларини қидириш ишларини якунлашимизга аминман", дейди Миср пойтахтига етиб борган Пучков.

У ҳалокат қурбонларининг яқинларига зарур ёрдамлар кўрсатилишини ҳам маълум қилган.

Айни вақтда Россия ФВВ раҳбари Владимир Пучков, Россия транспорт вазири Максим Соколов ва Росавиация раҳбари Александр Нерадько ҳамда Давлатлараро авиация комитети вакиллари Синайда Airbus A321 қулаши билан боғлиқ текширувларда иштирок этиш учун Мисрга етиб келган.

Эслатиб ўтамиз, 31 октябрь куни Миср вақти билан 6:51 да (Тошкент вақти билан 9:51) Россиянинг "Когалимавиа" авиакомпаниясига тегишли Шарм аш-Шайх — Санкт-Петербург йўналиши бўйича 9268 рейсини амалга ошираётган Airbus-321 лайнери парвозга кўтарилгандан 23 дақиқа ўтиб радарлар экранидан йўқолди. Мазкур самолёт бортида 217 нафар йўловчи ва етти нафар экипаж аъзоси бўлган.