Россияда 1 ноябрдан Украина фуқаролари учун Россияда бўлишга имтиёзли тартиб амал қилиши тўхтади, деб хабар бермоқда “Интерфакс” ахборот агентлиги.

Имтиёзли шартлар фақатгина Украинанинг жануби-шарқидан келган қочқинларга нисбатан сақланиб қолди. Қолган украиналикларга ишлаш учун патент, вақтинчалик яшаш учун рухсат ва бошқа шу каби рухсатномаларсиз Россия ҳудудида 180 кун ичида 90 кундан кўп бўлмаган муддат юришга рухсат берилади.

“Россияда меҳнат фаолияти билан шуғулланувчи Украина фуқаролари ва ўзининг қонуний бўлишини узайтиришни истаганлар Федерал миграция хизматига патент олиш учун мурожаат қилишлари лозим”, деб айтди Россия Федерал миграция хизмати раҳбари Константин Ромодановский.

Ромодановскийнинг айтишича, 1 ноябрдан кейин Украина фуқароларида Россия ҳудудида юришининг ҳуқуқий ёки меҳнат мақомини расмийлаштириш учун 30 кун вақт бўлади. “1 декабрдан кейин қоидабузарларга нисбатан маъмурий кўринишдаги чоралар кўрилади, жумладан Россияга қайта кириш ёпиб қўйилиши мумкин”, деб айтди Ромодановский.