44-марта бўлиб ўтаётган Токио автосалонининг биринчи куни унинг тарихидаги энг катта кўламдаги автомобиллар намойиши ўтди. Автосалонда намойиш қилинган янги автомобилларнинг катта қисми келажак автомобиллари қандай бўлиши ҳақида тасаввур берувчи юқори технологик концептларга тўғри келди. Қуйида Токио автосалонида намойиш қилинган автомобиллар ҳақида қисқача маълумотлар берилган.

“Мазда”нинг RX-моделлари мухлислари ва умуман барча учун яхши янгилик: компания роторли моторларга қайтди. Бунинг исботи сифатида Токиода янги авлоддаги SkyActiv-R двигателли спорткар концепти намойиш қилинди. Бироқ Mazda ҳозирча ҳеч қандай техник жиҳатларни ошкор этмаяпти, шуниси маълумки, 4,4 метр келадиган бу купе орқа приводли, яъни орқа ғилдираклари тортувчи қилиб ишланган.

Норасмий маълумотларга кўра, моделнинг RX-Vision серияли версияси 300 от учига эга двигатель билан жиҳозланади. Шунингдек, двигателнинг турбонаддувли ёки гибрид куч қурилма таркибидаги вариантлари ҳам ишлаб чиқарилиши эҳтимоли бор. Mazda ушбу концептни “қачондир ҳақиқатга айланадиган компаниянинг келажаги” деб атади.

 

Nissan келажак ҳақидаги тасаввурларини IDS концепти орқали ифодалади. Ушбу концепт карбон кузовга эга тўлиқ электрик хэтчбекдир. Машина автопилот тизими билан таъминланган ва ҳайдовчисиз, мустақил равишда парковка қилишни билади.

Бироқ IDS’нинг энг қизиқ жиҳати унинг олд панели ўзгартириладиган интерьеридир. Автопилот ёқилганда руль тўлиқ олинади. Машинадаги олди ўриндиқлар бир-бирига озгина бурилади.

“Мерседес” ҳам автосалонга келажак автомобили – автопилотли ва водородда ишлайдиган двигателли минивэнини олиб келди. Бу минивэн Vision Tokyo деб номланди. Водород учун мўлжалланган баклар тўла бўлганда машина деярли минг қилометр йўл боса олади. Бу йўлнинг дастлабки 200 кмини машина захиралаб қўйилган электр ёрдамида босиб ўта олади.

Автомобиль салонда янграётган мусиқага монанд чироқлари билан ёниб-ўча олади ҳамда махсус датчиклар тўплами, камералар ва GPS ёрдамида мустақил ҳаракатлана олади. Йўловчилар бу орада бутун мультимедиа тизими бошқариладиган голограммалар билан кўнгилхушлик қилишлари мумкин. “Мерседес”да таъкидланишича, бу имконият ўтган асрнинг 90-йиллардан кейин дунёга келган Z авлод вакиллари учун айниқcа хуш келади.


“Ямаха” ўз тарихидаги иккинчи тўрт ғилдиракли моделини намойиш қилди ва бир вақтнинг ўзида ўз келажаги – икки ўриндиқли Sports Ride спорткар концептига боқишга имконият берди. Платформа ўлчамлари ва кузов панелларини тез ўзгартиришга имкон берувчи махсус технологияда қурилган купенинг ўлчами 3,9 метрни ташкил қилади, карбон кузов эвазига унинг оғирлиги 750 кг ни ташил қилади.

Mitsubishi eХ концептуаль кроссовери кейинги авлод ASX модели ҳақида тасаввур беради. Прототип электр жиҳозлари тўлиқ янгиланди ва қайта қувватлашсиз 400 км босиб ўта олади.

Машинада бошқа автомобиллар билан ўзаро ҳаракатланиш функциясига эга автопилот тизими ҳамда тўлиқ привод ва илғор хавфсизлик тизими пакети кўзда тутилган. Кўринишича, янги ASX жуда кескин кўринишда бўлади.

Toyota келажакка ўзининг янги водород ёқилғисида ишлайдиган FCV Plus концепти билан боқди. Машинанинг техник кўрсаткичлари ҳозирча сир сақланмоқда, бироқ ўта футуристик кўринишга эга автомобилдан фойда дастлаб тасаввур қилинганидан кўпроқни ташкил қилади. Ҳамма гап ёқилғи ячейкаларида ишловчи тизимнинг бир қизиқ жиҳати, яъни электр энергия бера олишидадир.

“Тойота”да FCV Plus фойдаланмай қўйилгандан кейин ундан генератор сифатида фойдаланиш, яъни унга қандайдир электр жиҳозлар ёки ҳаттоки уйнинг электр тармоғини улаш ҳам мумкин, дейилмоқда.

“Лексус” Токиода кейинги авлод LS седанининг прототипини намойиш қилди. LF-FC прототипи водород ёқилғи элементларида ишловчи куч қурилмалари ва тўртта ғилдиракнинг ишлаши учун жавоб берувчи электр моторлар билан жиҳозланган.

Бироқ концептнинг салони ва автомобилни бошқариш функциялари барчасидан кўра кўпроқ ўзига жалб қилади. Бу ерда барча нарса фақатгина имо-ишора ёрдамида бошқарилади, бунга эса марказий консолдаги голографик дисплей ёрдам беради.

Subaru янги авлоддаги “Импреза”нинг қандай бўлишини кўрсатувчи концептини намойиш қилди.

Автомобиль тўлиқ приводли бўлиб, у ҳозирдаги 5 эшикли Impreza’дан 15 мм га қисқароқ, 140 мм га кенгроқ ва 25 мм га баландроқдир.

“Z” авлодга мўлжалланган яна битта автомобиль Nissan Teatro for Dayz бўлиб, гаджетлар фанатлари ҳаттоки орзу қилмаган персоналлаштириш имкониятларга эга келажак автомобилидир. Машинанинг олд панели, эшик қопламалари ва ҳаттоки ўриндиқлар ҳам ўзидан смартфонлар ва интернетдан тасвирларни чиқара оладиган дисплейни намоён
қилади.

Мисол учун интерьер учун турли фонлар танлаш мумкин. Автомобилнинг ташқи томонида ҳам дисплейлар мавжуд – эшикларнинг пастки қисмида электр куч қурилмаси батареяларининг қувватланганлик даражаси акс этиб туради.

“Хонда” учун келажак кириб бўлди – компания автосалонда водородда ҳаракатланувчи Clarity Fuel Cell автомобилини намойиш қилди. 177 от кучига эга Honda’ни кейинги йилда сотиб олиш мумкин бўлади.

Автомобиль нархи ҳозирча эълон қилинмаган, бироқ баъзи бошқа рақамлар маълум: модель қайта қувватланишсиз сиқилган водород билан 700 км дан кўпроқ йўл боса олади. Автомобилни тўлиқ қувватлаш учун бор-йўғи 3 дақиқа вақт сарфланади.

Subaru’нинг яна бир концепти Viziv Future модели – Viziv сериясидаги йўлтанламаснинг навбатдаги концепти 1-2 йилдан кейин чиқадиган катта серияли моделга ишора қилмоқда. Машина гибрид куч қурилмасига эга ва шоссе бўйлаб мустақил равишда юра олади.