Пентагон 23 ноябрдан Украина Қуролли кучларининг 6 та батальонини ҳарбий тайёргарликдан ўтказишни бошламоқчи. Бу ҳақда АҚШнинг Европадаги қуруқликдаги қўшинлари қўмондонлиги расмий вакили Дональд Ренн ТАСС ахборот агентлиги мухбирига маълум қилди.

Реннинг айтишича, мудофаа вазирлигининг 5 та ва махсус операцияларни бажарувчи 1 та батальони тайёргарликдан ўтказилади ва тайёргарлик АҚШнинг Fearless Guardian ("Қўрқувсиз посбон") дастурининг “иккинчи босқичи” доирасида амалга оширилиши кўзда тутилган. Аввалбошдан бу дастур Украина миллий гвардиясини ўқитиш ва жиҳозлашга қаратилган эди. Эндиликда дастурни Украина Қуролли кучларига қўллаш ҳам режалаштирилмоқда.

“6 та батальонни тайёрлашга қўшимча равишда биз Украина Мудофаа вазирлиги билан ўқув маркази ва ходимлар таркибини ривожлантириш борасида ҳам иш олиб борамиз”, деб айтди Ренн ва тафсилотларга берилмади.