Австралия бош вазири Малколм Тёрнбулл мамлакатда рицарлик институтининг тугатилганини маълум қилди. Илгари бундай унвон мамлакат олдида алоҳида хизмат кўрсатган фуқароларга тақдим этилар эди.

“Вазирлар маҳкамаси рицарлик институти замонавий фахрий мукофотлар тизимига мувофиқ келмаслигига рози бўлди”, - деб таъкидлади Тёрнбулл. Шу билан бирга, мамлакатнинг расмий раҳбари ҳисобланадиган Буюк Британия қироличаси ҳам ҳукумат раҳбарининг тавсиясига рози бўлгани таъкидланди.

Австралия давлат мукофотлари тизими 1975 йили тасдиқланган бўлиб, унинг таркибида рицарлик ҳам тилга олинган эди. 1986 йили рицарлик бекор қилинди, аммо 2014 йили Тёрнбуллдан илгариги бош вазир Тони Эбботт томонидан қайта тикланди. Шундан кейин илк рицарлик унвони амалдаги генерал-губернатор Питер Косгроувга, илк хонимлик унвони эса собиқ генерал-губернатор Квентин Брайсга берилди.