Кун.уз мухбири Андижон вилояти марказида қурилган янги деҳқон бозори ҳудудига ташриф буюрди ва андижонликлар билан гаплашиб, фоторепортаж уюштирди.

"Андижон шаҳридаги Марказий деҳқон бозоридаги ҳолат аҳолининг ҳақли эътирозларига сабабчи бўлаётган эди. Ҳудуднинг нисбатан кичиклиги, деҳқонлар, тадбиркорларнинг савдо қилиши учун шарт-шароитлар, савдо ўринлари етишмаслиги, бундан ташқари транспорт ҳаракатидаги тиқилинч ҳолат, тартибсизликлар каби муаммолар ечимини кутаётган эди. Ўзбекистон Республикаси бош вазирининг 2015 йил июнь ойидаги ва Андижон шаҳар ҳокимининг 1 августдаги қарорлари билан Фитрат кўчасида жойлашган мазкур бозор ҳудудида кенг кўламли ишлар бошлаб юборилди", дейди мухбир.

“Андижонхўжаролойиҳа” МЧЖ томонидан лойиҳа-смета ҳужжатлари тайёрланди. Унга кўра, бозор ҳудуди ярим гектарга кенгайтирилиб, ҳозирда 4,1 гектарни ташкил этади. Ўтган икки ойдан зиёдроқ вақт мобайнида объектда жуда катта ҳажмдаги кенг кўламли реконструкция, қурилиш-монтаж ишлари олиб борилди. Алоҳида ишланган лойиҳага асосан амалга оширилган бунёдкорлик ишлари бир-бирига боғлиқ ҳолда барча коммуникацион қурилмалар ва муҳандислик тармоқларининг ўзаро боғлиқлиги таъминланиб, ҳудуднинг рельефига мос тарзда барпо этилишига эришилди.

Бозор ҳудуди атрофида 493 погонометр ҳажмда панжарали тўсиқлар, 3та асосий кириш дарвозалари ўрнатилди. 880та савдо ўрнига эга расталар барпо қилинган 60,5х91 метр ўлчамдаги “Кисловодск” русумидаги 6та 30х30 метр йиғма металл каркаслардан иборат очиқ павильоннинг баландлиги 8 метрни ташкил этади. Мазкур павильоннинг ертўла қисмида 48х15 метр ўлчамда мева ва сабзавотларни захирага сақлаш учун совуткичли омборлар жойлашган. Бозор ҳудудида автотранспорт воситалари ҳаракатини тартибга солиш мақсадида 3та автомобиллар тўхташ жойлари, енгил ва юк машиналари ва автобуслар учун ҳам алоҳида жойлар ажратилган.

Шунингдек, бозорнинг жанубий томонида нон ва нон маҳсулотлари, гўшт ва сут маҳсулотлари сотиш учун алоҳида икки қаватли бино, ғарбий дарвоза атрофида эса ошхона, кўкатлар, дуккакли маҳсулотлар, қуруқ мевалар, полиз маҳсулотлари билан савдо қилиш имконини берувчи расталар ва майдончалар фойдаланувчилар ихтиёрига берилган.

"Биз бозор ҳудудидаги барча қурилиш, қурилиш-монтаж, коммуникация ва ободонлаштириш ишларини жуда қисқа фурсатларда, шу билан бирга сифатли амалга оширилишига жиддий эътибор қаратдик. Объектни тез ва мукаммал қуриб битказилиши учун ишни уч сменада ҳам ташкил этдик, натижада шаҳримиз аҳолиси ва меҳмонлар учун барча шароитларга эга замонавий бозор биносини тақдим этдик", -дейди Андижон шаҳар ҳокимлиги қошидаги “Деҳқон бозор” қурилиши дирекцияси директори Унвонжон Фозилов.

“Марказий деҳқон бозори” мажмуаси қурилиши муносабати билан унинг атрофидаги кўчалар кенгайтирилди, замонавий ёритгичлар ўрнатилди, бинолар қайта реконструкция қилиняпти. Бир сўз билан айтганда, Андижоннинг Эски шаҳар ҳудуди бугун янги, замонавий қиёфага эга бўлди.

Бунёдкорлик ишларида Андижон вилоятида фаолият кўрсатаётган, замонавий қурилиш техникалари ва анжомларига ҳамда ўз соҳасида етарли билим ва тажрибага эга бўлган 1500дан зиёд бинокорлар иштирок этишди. “Кўчма механизациялашган корхона”, “Асака Сар инвест”, “Милано Бизнес Сервис”, “Анд тех наз” масъулияти чекланган жамиятлар ҳамда “Хон” ишлаб чиқариш корхонаси бунёдкорлари белгиланган ишларни ўз вақтида ва сифатли бажариш учун бор маҳоратларини ишга солишди. Айниқса, “Кўчма механизациялашган корхона” МЧЖ қурувчи-монтажчилари жуда катта ҳажмдаги ишларни бажарди.

Маълум қилинишича, мажмуа қурилишида “Кўчма механизациялашган корхона” МЧЖнинг 700 нафардан зиёд қурувчилари иштирок этган.

“Марказий деҳқон бозори” мажмуаси шаҳарнинг “Эски шаҳар” ҳудудида барпо этилиши мўлжалланаётган улуғвор бунёдкорлик ишларининг бир қисми, холос. Ҳадемай бу гўша барчани ҳайратга соладиган даражада мозий ва замона уйғунлашган қиёфа касб этади", деб хабар беради мухбир.