Германиянинг Дюссельдорф аэропортида 2 ноябрь куни Иккинчи жаҳон уруши вақтида портламай қолган бомбалар топилди. 250 килограмм вазнга эга снарядлар аэропортнинг учиш-қўниш йўлаги ҳудудида, қопламалардан четроқда тупроқ остида сақланиб қолган экан. Бу ҳақда DW нашри хабар бермоқда.

Аэропорт вакилларининг сўзларига кўра, бомбалар кислотали портловчи модда билан тўйинтирилгани боис зарарсизлантиришнинг имкони йўқ, деб топилиб, мутахассислар томонидан портлатиб юборилди.

Бомбаларни бартараф этиш вақтида режалаштирилган 38та учиш ва қўнишлар кечроқ муддатга ортга сурилди. Еттита рейс бекор қилинди.
Аэропорт вакилининг айтишича, йўловчилар ва фуқароларга ҳеч қандай хавф туғилмаган. Айни пайтда аэропорт одатдаги тартибда фаолияти кўрсатмоқда. Уруш давридан қолган бомбаларни қидириш ишлари ноябрь ойида давом эттирилади.

Маълумот учун, ҳар йили Германияда 5,5 мингга яқин портламай қолган Иккинчи жаҳон уруши “қолдиқ”лари аниқланиб, зарарсизлантирилади. Уларнинг аксарияти Берлин (68 минг тонна), Гамбург (45 минг тонна) ва Рурс вилояти (162 минг тонна) ҳудудига ташланган.