Катта ёшли бразилияликларнинг ярмидан кўпроғи қўшиб-айириш амалларини билмаслиги маълум бўлди

Жамият 02 Ноябрь 2015 1543

25 ёшдан ошган бразилияликларнинг ярмидан кўпроғи энг оддий математик амалларни бажаришда қийинчиликларга дуч келади. Бу ҳақда 1 ноябрь куни Риу-Гранди-ду-Сул федерал университети (UFRGS) ўқитувчилари раҳбарлиги остида ўтказилган тадқиқот хулосасида гап кетади.

Изланишлар жараёнида 75 фоиз Бразилия аҳолиси ўртача арифметик ҳисобларни амалга ошира олмади. Худди шунча миқдордаги мамлакат аҳолиси каср нима эканини билмайди, 63 фоизи умумий рақамнинг қайсидир фоизини чиқара олмайди. 43 фоиз респондентлар математика мактаб чоғида энг ёмон кўрган фан бўлганини тан олишди. Сўровномада қатнашган 60 фоиз киши дарсларда қатнашишни ёқтирмаган.

“Таълимдаги ушбу бўшлиқлар қайғули иқтисодий ва ижтимоий оқибатларга олиб келади. Математикани яхши билмайдиган жамият рақобатбардошлик борасида муаммоларга дуч келади”, - деди тадқиқот координатори, UFRGS доценти Флавиу Комим. Унинг сўзларига кўра, муваффақиятли иқтисодиётга эга мамлакатларда ўтказилган худди шундай тадқиқотларда кўрсаткичлар Бразилияникига қараганда 4 баробар яхши бўлган.

Айни ўринда олимлар ёш бразилияликларнинг натижалари тўғрисида ижобий фикр билдирди. “Биз юқори технологиялар кўпроқ жойни эгаллаган дунёда яшаяпмиз. Улар математик билимларга асосланган. Гап компьютер дастурлари ва смартфонлар учун иловалар тўғрисида кетмоқда. Бу эса одамларни мазкур фанга қизиқтирмоқда”, - деди Назарий ва амалий математика миллий институти вакили Клаудиу Ландим.

Кўпроқ янгиликлар