АҚШ Суриядаги ҳаракатларини Россия билан келишган ҳолда амалга оширмоқчи, бироқ ҳамкорликнинг кенгайтирилиши Москванинг ҳаракатларига, жумладан ихтилофнинг сиёсий ечимини излашга қаратилган қадамларига боғлиқ. Бу ҳақда АҚШ Давлат котиби Жон Керри айтиб ўтди.

“Қудратли давлатларнинг ривожланган ҳарбий-ҳаво кучлар билан ўзаро ҳаракатлари жуда зарур. Сиз битта ҳаво ҳудудида олдиндан келишилмаган ҳолда учишни истамайсиз. Албатта, биз ўз ҳаракатларимизни Россия билан келишган ҳолда амалга оширмоқчимиз, бироқ фақатгина шу билан чекланиб қолишни истамасдик. Биз кўпроқ нарсани истаймиз, бироқ бу Россияга, у томонидан тинчликка эришишнинг сиёсий томонлари бўйича қабул қиладиган қарорларга боғлиқ. Биз президент Асаднинг келажагини муҳокама қилишимиз, сиёсий ечимни топишимиз керак”, деб айтди Керри.

АҚШ Давлат котиби ўтган ҳафта охирида Венада Сурия масаласи бўйича “навбатдаги сермаҳсул йиғилиш” бўлиб ўтганини эслатиб ўтди.

“Россия ҳам, АҚШ ҳам тинчликка эришишнинг сиёсий ечими томон илдамлаша олишди. Биз ҳамкорлик қилмоқчимиз, қарама-қаршилик эмас, бироқ бу Россия амалга оширадиган танловга боғлиқ. Россия Сурияда сиёсий ечимни топишни истамагани ёки Асад тузумини қўллаб-қувватлаётгани учун ҳаракат олиб бормоқдами?”, деб таъкидламоқда Керри.

“Агар Москванинг ягона мақсади Асад тузумига ёрдам бериш бўлса, унда у бунга эриша олмайди. Чунки Туркия, Қатар, Саудия Арабистони, Сурия муҳолифати Асадга қарши курашини тўхтатмайди, урушни якунлашнинг ягона варианти жаноб Асадга янги ҳукуматни тузишга қаршилик кўрсатмасликни таклиф қилишдан иборат. У шу тариқа ўз давлатини қутқаришга ёрдам бериши мумкин. Россиянинг фақатгина тузум учун у ерда бўлиши минтақада муаммо яратмоқда”, деб айтди Керри.