"ПСЖ” жамоаси раҳбарияти агар янги мураббий қидирувини бошлаб юборса, ”Челси” клуби бош мураббийи Жозе Моуриньонинг номзодини кўриб чиқмайди.

Парижликлар устози Лоран Блан билан амалдаги битим келаси ёзда ўз ниҳоясига етади. Ҳозирча “ПСЖ” 49 ёшли мутахассисга уни узайтириш таклифи билан чиқмаган.

L’Equipe нашрининг маълумотига кўра, жамоанинг Чемпионлар лигасидаги иштироки Бланнинг тақдирини ҳал этиб беради.

Агар “ПСЖ” раҳбарияти янги мутахассис қидиришни бошласа ҳам, Жозе Моуриньо варианти кўриб чиқилмайди, чунки, у қўллайдиган ўйин услуби парижлик клуб раҳбарларини қониқтирмайди.

Бундан ташқари, португалиялик мураббийнинг ҳимоячи Давид Луиз ва “Реал” ҳужумчиси Криштиану Роналду билан муносабатлари яхши эмас. “ПСЖ“ эса ёзда Роналдуни харид қилишни ният қилган.

Шу тариқа, “ПСЖ” бош мураббийлиги лавозимига Хосеп Гвардиола (“Бавария”), Арсен Венгер (“Арсенал”) ва Диего Симеоне (“Атлетико”) асосий даъвогарлар сифатида эътироф этилишмоқда.