Афғонистондаги толибларнинг аксар қисми Мулла Умарнинг ўлими эълон қилинганидан кейин ташкилотнинг янги раҳбари сифатида тан олинган Мулла Мансурдан норози бўлишда давом этишди ва янги раҳбар танлашди. Бу ҳақда дала командирларидан бирига асосланиб, Рейтер агентлиги хабар берган.

Агентликка маълум қилинишича, жангарилар ўзлари учун Мулла Муҳаммад Расул Охунни янги раҳбар сифатида танлашган. У ўз вақтида марҳум Мулла Умарнинг яқин ва ишончли кишиларидан бири бўлган.

Айтилишича, Мулла Мансурдан норози бўлган жангарилар унга қарши уруш олиб бориш ниятида эмас ва уни тинчлик билан ҳокимиятдан четлатишмоқчи. Улар Мулла Мансурдан Мулла Умарнинг ўлимини 2 йил давомида сир сақлаб келгани учун норози бўлишган.

Қайд этиш керакки, шу йилнинг ёзида Мулла Умарнинг ўлими тасдиқлангач, жангарилар Афғонистондаги ҳарбий ҳаракатлари кўламини кенгайтиришди ва тоғдан текисликка тушиб, катта шаҳарларга ҳужум қила бошлашди. Хусусан, сентябрь ойи охирида толибонлар 300 минг киши яшайдиган Қундуз шаҳрини эгаллаб олишди ва 10 кун давомида ўз назоратида сақлаб турди. Кейинроқ жангарилар Ғазна ва Кобул туманларига жиддий ҳужумлар уюштиришди.