Германиянинг Lernidee Erlebnisreise GmbH компанияси 2016 йилда учта давлат – Ўзбекистон, Туркманистон ва Эрон ҳудудларидан ўтувчи сайёҳлик поездини йўлга қўймоқчи, деб хабар берди “Ўзтемирйўлйўловчи” АЖдаги манбага иқтибос келтирган ҳолда Sputnik нашри.

Манбанинг айтишича, немис компанияси вакиллари Эронда музокаралар ўтказишди ва бу давлат темирйўл маъмуриятининг розилигини олдилар.

“Яқинда Lernidee вакиллари “Ўзбекистон темир йўллари”га шундай поездни ташкил қилиш таклифини билдирган эди. Йўналиш Буюк ипак йўли йўлларидан бири орқали ўтади. Унинг асосини Ўзбекистон шаҳарлари бўйлаб сайёҳатлар ташкил қилади”, деб таъкидлаб ўтди манба.

Йўналиш Теҳрондан бошланиб, Ашхобод, Ўзбекистоннинг Самарқанд, Бухоро, Урганч шаҳарлари орқали ўтиб, Тошкентда якунланади.

Немис компаниясининг маълумотларига кўра, бу сайёҳлик маҳсулоти асосан европалик сайёҳатчилар учун мўлжалланади. Сайёҳатчиларни жалб қилиш мақсадида вагонларни қадимий шарқ услубида, маҳаллий меъморчиликнинг энг яхши анъаналаридан фойдаланган ҳолда безаш режалаштирилмоқда.

Вагонларни безашда шунингдек хорижда машҳур бўлган адрас, атлас матолари ва табиий гиламлардан фойдаланиш кўзда тутилган..

Бу немис компаниясининг Марказий Осиёда бундай лойиҳаларни ташкил этиш бўйича биринчи тажрибаси эмас. Компания 2013 йилнинг сентябрида Тошкент-Қамаши-Китоб-Бухоро-Урганч-Самарқанд-Тошкент йўналиши бўйича Orient Silk Road Express сайёҳлик поездини муваффақиятли равишда йўлга қўйган.