Кейинги ҳафтада Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев Буюк Британияга расмий сафар уюштиради. Сафар икки давлат ўртасидаги дўстона муносабатларни мустаҳкамлайди, деб ишонмоқдалар англиялик мутахассислар, деб хабар бермоқда 24.kz нашри.

Буюк Британияда Қозоғистон президентининг ташрифини интиқлик билан кутмоқдалар. Бундан Назарбоев ва туманли Альбионнинг биринчи шахслари ўртасида бўлиб ўтиши режалаштирилган кўплаб учрашувлар ҳам дарак бермоқда. Нурсултон Назарбоев дастлаб мамлакат бош вазири Дэвид Кэмерон билан учрашади. Кейин баённома бўйича Назарбоев ва қиролича Елизавета II ўртасида расмий тушлик бўлади. Таъкидланишича, бундай шарафга саноқли жаҳон етакчиларигина сазовор бўлишган.
Шундан кейин Европанинг энг бадавлат ва нуфузли оилаларидан бирининг вакили лорд Ротшильд Назарбоев билан глобал иқтисодиёт ва сиёсат масалаларини муҳокама қилади.

Бу Қозоғистонда ўтган президентлик ва Буюк Британияда ўтган парламент сайловларидан кейин Назарбоевнинг Европага биринчи ташрифи бўлади. Тажрибали мутахассислар бу ташрифда Остона ва Ғарбнинг яқинлашишга уринишига яққол сигнални кўришмоқда.

Англия ушбу учрашувга жиддий тайёргарлик кўрмоқда. Инглиз истеблишменти ҳам бу учрашувга ўзининг катта қизиқишини яширмаяпти.