1 ноябрда Афғонистон вилоятларида юз берган икки тўқнашув давомида “Толибон” радикал ҳаракатининг 44 га яқин жангариси йўқ қилинди. Бу ҳақда мамлакат ҳукумати берган маълумотларга иқтибос келтирган ҳолда Синьхуа агентлиги хабар бермоқда.

Биринчи тўқнашув Гилменд вилоятида содир бўлди. Маҳаллий полиция бошлиғининг айтишича, операция давомида 30 жангари йўқ қилинган.

“Ўнлаб толиблар 1 ноябрда маҳаллий вақт билан соат 10.00да Нахри-Сарой туманидаги йўл полицияси постини штурм билан босиб олди. Бунинг оқибатида полиция билан жангарилар орасида соат 15.00 гача давом этган катта отишма юз берган. Охир-оқибатда 30 жангари йўқ қилинган, қолганлари эса қочишга мажбур бўлган”, деб айтди полиция бошлиғи.

Маҳаллий ҳокимият маълумотларига кўра, отишма давомида фақатгина бир нафар полициячи яраланган.

Иккинчи тўқнашув Афғонистоннинг шимолидаги Қундуз вилоятида юз берган. Агентликнинг маълум қилишича, бу ердаги тўқнашувда 14 жангари бартараф этилган.

“Хавфсизлик кучлари 1 ноябрь эрталаб Қундуз вилоятининг шимолида жойлашган қишлоқдаги “Толибон”нинг яширин панагоҳларига қарши операция бошлади ва айни пайтда 14 нафар жангари, жумладан гуруҳнинг раҳбарларидан бири Мулла Шакиб йўқ қилинди”, дейилмоқда вилоят раҳбари берган хабарда.