Муҳожирларнинг оқимидан азият чекаётган Германияда мамлакат фуқароларининг муҳожирларга нисбатан нафратлари пулга айлантирилади.

“Нафрат ёрдам беради” (HASS HILFT) махсус жамғармаси ижтимоий тармоқларда яхши ҳаёт излаётган муҳожирларга қарши билдирилган ҳар “бир нафратга тўла” изоҳга муҳожирларга ёрдам бериш учун 1 евро ўтказади. Исталган интернет фойдаланувчиси жамғарма саҳифасига ўзининг “нафрат билан тўла” изоҳи ёки саҳифасининг скриншотига ҳаволани юбориши мумкин бўлади, деб хабар бермоқда The Washington Post нашри.

Лойиҳа иштирокчиларининг айтишича, “қанча кўпроқ нафрат билдирилса, шунча кўпроқ пул муҳожирларга ёрдам сифатида ажратилади”. Айни пайтда 1300 еврога яқин пул тўпланди.

Facebook ижтимоий тармоғи лойиҳани ҳомийлик қилишдан бош тортганига қарамасдан, уни қўллаб-қувватлаб, йил охиригача уни реклама қилишда ёрдам берадиган бўлди. Аввалроқ ижтимоий тармоқ миллатчилик руҳидаги хабарларни ўчиришни истамаслиги учун танқид қилинган эди.

Европа чегара агентлиги Frontex’нинг охирги маълумотларига кўра, жорий йилнинг дастлабки 9 ойида Европа Иттифоқига 710 мингдан кўпроқ муҳожир келган.