Россиялик тадбиркор, Москвадаги Черкизов бозорининг собиқ ҳамэгаси Телман Исмоиловнинг ҳашаматли Mardan Palace меҳмонхонаси Туркиянинг “ХалқБанк” (Halkbank) давлат банкига сотилди. Банк меҳмонхонани дастлаб эълон қилинган нархнинг тенг ярмидаги нархга сотиб олди.

Турк матбуотининг хабар беришича, меҳмонхона раҳбарияти меҳмонхона учун 719 млн лира (256 млн доллар) олишни мўлжаллаган эди, бироқ савдо натижаларига кўра уни 128 млн долларгагина сота олди.

“ХалқБанк” меҳмонхонани сотиб олишга тайёр бўлган ягона харидор бўлди. Банк меҳмонхонага тўланадиган пулнинг бир қисминигина унинг эгаларига, қолган 74 млн долларни эса “Гаранти Банк”ка (Garanti Bankası) меҳмонхонанинг қарзларини қоплаш учун тўлайди. Ушбу банк меҳмонхонанинг асосий кредитори бўлган.

“Етти юлдузли” меҳмонхона Анталияда 2009 йил 23 майда очилган эди. Меҳмонхона очилиши маросимига Шерон Стоун, Ричард Гир, Моника Белуччи, Том Круз ва Мэрайя Кери каби жаҳон юлдузлари ташриф буюрганлар. Мҳмонхонада кўплаб юлдузлар ва хорижий давлатлар етакчилари тўхташган.

Турли маълумотларга кўра, меҳмонхона қурилиши Исмоиловга 1,4 млрд долларга яқин суммага айланган. Меҳмонхонанинг пляжига 9 минг тонна тилларанг миср қуми олиб келинган. Бино ичини безашда бир неча тонна олтин, қимматбаҳо безак тошлари ва мармар ишлатилган. Меҳмонхона ертўлаларида қимматбаҳо ноёб винолар сақланади, бундан винонинг бир шишаси бир неча минг доллар туради.

Ҳаммаси бўлиб меҳмонхонада турли типдаги 560 та хона бўлиб, улар орасида “шоҳона” ва “президент” апартаментлари ҳам бор.

Охирги маҳал меҳмонхона молиявий қийинчиликларга дуч келаётган эди: у ўзининг асосий кредиторлари Halkbank ва Garanti Bankası олдида катта қарздорлиги бор эди. Меҳмонхона қарзлари бўйича судда 67та иш қўзғатилган эди.