АҚШ билан Яқин Шарқдаги муаммолар бўйича музокаралар олиб бориш ҳеч қандай маънога эга эмас, чунки Теҳрон ва Вашингтон улар борасида диаметрал қарама-қарши фикрга эга. Бу ҳақда Эрон Ислом Республикасининг олий диний етакчиси ва раҳбари оятуллоҳ Али Ҳаменеий мамлакат ташқи ишлар вазири Муҳаммад Жавод Зариф ва эронлик дипломатлар билан учрашувида айтиб ўтди.

“Яқин Шарқдаги муаммоларни ечиш борасида Эрон ва АҚШ диаметрал қарама-қарши фикрларга эгалар ва АҚШ билан бу борада музокаралар олиб бориш бефойда. Бизнинг Сурия, Яман ва Баҳрайндаги вазиятларга муносабатимиз АҚШнинг мақсадларидан 180 градусга фарқланади”, деб таъкидлаб ўтди оятуллоҳ.

Шу билан бирга Ҳаменеий дипломатик корпусни “Эроннинг узоқ муддатли манфаатларини ҳисобга олиб ва минтақадаги давлатлар раҳбариятларининг турли сиёсий қарашларига қарамасдан, қўшни давлатларга нисбатан самарали ва тинчликсевар ташқи сиёсат юритишга” чақирди.

Оятуллоҳ АҚШни унинг ташқи сиёсати Ғарбий Осиёга бетартиблик олиб келганини таъкидлаб, Эрон Вашингтоннинг ташқи сиёсатдаги гегемонлигига тинчгина қараб туриш ниятида эмаслигини айтди. Ҳаменеий АҚШ Яқин Шарққа алоқаси йўқлиги ва “минтақанинг асосий муаммолари ечимининг бир қисми эмаслигини” таъкидлаб ўтди. У Эроннинг ташқи сиёсатдаги тамойиллари бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашмасликдан иборат эканлигини яна бир бор таъкидлаб ўтди.