Ўзбекистон Миллий университети журналистика факультети доценти, сиёсий фанлар номзоди Шерзод Қудратхўжаев Ҳэллоуин байрамини нишонлашга қарши чиқаётган россияликларни қўллаб-қувватлади. Илгарироқ бир гуруҳ россияликлар бу байрамга қарши акциялар бошлагани маълум бўлган эди.

“Ўйлайманки, Евроиттифоқ ва Американинг санкциялари ҳам бу баҳо ва талқинга ўз таъсирини ўтказмай қўймаган. Азаматлар, тўғри ўйлай бошлашди, илгарироқ шундай қилиш керак эди... Ўз байрамлари ҳам етарлича бор. Ижтимойи тармоқларда бизнинг айрим қовоқкаллаларимиз ҳам оммавий маданиятсизлик сурнайи остида рақс туша бошлаганини кўрмоқдаман... Уят, дўстлар!!!”, - деб ёзди у ўз шарҳларида.

Илгарироқ Ўзбекистон маданият ишлари вазирининг биринчи ўринбосари Фотиҳ Жалолов матбуотнинг бу борадаги сўровига жавоб бераркан, мамлакат бой тарихга ва анъаналарига эга бўлгани учун халқ орасида хорижнинг айрим байрамлари шуҳрат қозона олмаганини таъкидлаб ўтган эди.