Порахўрлик кўплаб дунё миқёсидаги кулфатлар, шу жумладан, терроризмнинг хавфини келтириб чиқаради, деди БМТ бош котиби Пан Ги Мун Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида бўлиб ўтган БМТнинг Порахўрликка қарши конвенцияси иштирокчи мамлакатларининг олтинчи сессияси (CоSP6)да қилган нутқида.

“сентябрь ойида дунё давлатлари етакчилари Нью-Йоркка 2030 йилгача барқарор ривожланиш кун тартибини тасдиқлаш мақсадида жам бўлган эди, - дея эслаб ўтди Пан Ги Мун ўз мурожаатида. – 17та мақсад орасида барча шаклдаги порахўрликка барҳам беришвазифаси ҳам қўйилган. Ундан бутун дунё азият чекмоқда”. БМТ бош котибининг сўзига кўра, мазкур глобал муаммо бошқа қонунбузарликлар, жумладан, терроризм хавфини келтириб чиқармоқда.

Петербургдаги аксилкоррупция конференцияси 6 ноябрга қадар давом этиб, унинг дастуридан семинарлар, давра суҳбатлари, ўз мамлакатида порахўрликка қарши курашга жавобгар ташкилотлар йиғилишлари, жами бўлиб ушбу мавзуга бағишланган 35та тадбир ташкил этилади. Сессия якунига кўра Санкт-Петербург декларацияси ва 10га яқин резолюция қабул қилиниши тахмин қилинмоқда.

Порахўрликка қарши Конвенция 2003 йил 31 октябрь куни БМТ Бош ассамблеяси томонидан қабул қилиниб, 2005 йил 14 декабрь куни кучга кирган эди. Уни дунёнинг 177 мамлакати, шу жумладан, Ўзбекистон ҳам 2008 йил 7 июлда ратификация қилган. Шунингдек, республикамизда БМТ томонидан қабул қилинган ЭКОСОС (БМТнинг иқтисодий ва ижтимоий кенгаши)нинг Коррупцияга қарши кураш резолюцияси (1995 й.), Давлат мансабдор шахсларининг халқаро ахлоқ кодекси (1996 й.), Халқаро тижорат ташкилотларида коррупция ва порахўрликка қарши кураш ҳақидаги декларация (1997 й.), Миллатлараро уюшган жиноятчиликка қарши кураш конвенцияси (2000 й.) ва бошқа халқаро ҳужжатларнинг қабул қилинган.