Қозоғистонда биринчи марта ноқонуний тарзда инсон аъзолари олиниб, сотиш ҳолати қайд этилди. 40 ёшли олмаоталик қарзга ботгани сабаб ўзининг буйрагини сотишга мажбур бўлди, бироқ харидорлар уни алдашди.

Эркак қарзларидан қутулиш мақсадида Остонага йўл олди. Ўз буйрагини сотиш унга керакли пулга эга бўлишнинг осон йўли бўлиб туюлди. Донор харидорни қийинчиликсиз интернетда топди. Остоналик аёл ўз қизига 4 млн тенгега буйрак сотиб олмоқчи бўлди.

Бироқ операциядан кейин аёл ўз муносабатини кескин ўзартириб, эркакка пулни беришда ўзини пайсалга солишни бошлаган. Аёл уни шифохонадан у ишлаётган коттежга олиб борган ҳамда ҳозирча шу ерда ишлаб туриши, пул бўлиши билан у билан ҳисоб-китоб қилишларини айтган.

Жабрдийданинг айтишича, харидорлар нафақат уни алдашган, балки уни дўппослаб, уйларидан ҳайдаб чиқаришган. Бир неча кунлик сарсон-саргардонликдан кейин эркак милицияга мурожаат қилишга қарор қилган. Энди ушбу иш билан терговчилар шуғулланмоқда. Қозоғистонда органлар сотиш қонунан тақиқланган. Фақатгина беғараз тарзда донорлик қилиш мумкин.

“Одам ҳаётлигида ўз тана аъзоларини кимгадир ўлимидан кейин васият қилиб қолдириши ҳақида ариза ёзиб, уни нотариал тарзда тасдиқлаши мумкин. Фақатгина шу ҳолда унинг ички аъзоларидан фойдаланиш мумкин”, деб айтди Қозоғистон парламенти депутати Надежда Петухова.

Бугунги кунда интернетда ички аъзолар сотилиши ҳақида кўплаб эълонларни учратиш мумкин. Ўнлаб қозоғистонликлар мўмай пул эвазига буйраклари ёки жигарларини осонликча сотиб юборишга тайёрлар. Жамоатчилик вакилларининг фикрича, инсон аъзолари сотиладиган яширин бозорни йўқ қилиш учун уларни сотишни қонунийлаштириш керак.

“Улар нима сабабдан ички аъзоларини сотаётганлари аҳамиятсиз. Бундай ҳолатлар бўлаверади. Ички аъзоларини сотмоқчи бўлганлар буни қонуний қила олишлари учун қонунчиликка ўзгартириш киритмасак, улар хорижга кетиб буни амалга оширишлари мумкин, унда биз бу одамнинг умуман изини топа олмаслигимиз мумкин”, деб айтди одам савдоси қурбонларига ёрдам бериш кризис маркази директори Анна Риль.

Кризис маркази ходимлари олмаоталикка адвокатлар тақдим қилдилар. Қозоғистон учун мисли кўрилмаган бу воқеани судгача олиб чиқишмоқчи, унгача алданган донор битта буйрак билан яшашга кўникмоқда.

Қозоғистонлик полициячилар ҳам бундай ҳолатга биринчи бор дуч келишмоқда. Ушбу жиноят “Тирик шахснинг органлари ва тўқималари бўйича ноқонуний битимлар амалга ошириш” моддаси бўйича тергов қилинади. Айбдорлар 5 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.