“Ўзбектуризм” миллий компанияси Индонезия, Сингапур ва Малайзияга йўл олган Ўзбекистон фуқароларини Индонезиянинг Суматра ва Калимантан оролларидаги ўрмон ёнғинлари келтириб чиқарган нохуш экологик вазият ҳақида огоҳлантирди.

Компания матбуот хизматининг маълум қилишича, 2015 йил 27 октябрь ҳолатига кўра, кўрсатиб ўтилган мамлакатларнинг бир қатор шаҳарларида ёнғинлар туфайли ҳавонинг ифлосланиши «PSI» («Pollutant Standards Index») шкаласи бўйича 150-800 пунктга етган.

Айни пайтда, ифлосланиш даражаси 100 баллдан ошса, инсон саломатлигига салбий таъсир кўрсатишни бошлайди. Маҳаллий метеохизматлар башоратига кўра, ҳавонинг кучли ифлосланиши узоқ муддат давом этиши мумкин.