“Йил имоми-2015” кўрик танлови ғолиблари тақдирланди

Ўзбекистон 03 Ноябрь 2015 8256

Республикамизда имом-хатиблар фаолиятини янада такомиллаштириш, бугунги глобаллашув даврида Ватан равнақи йўлида хизматлари ҳамда халқимизни бузғунчи тоифаларнинг таъсиридан ҳимояланишида тарғибот ишларисамарадорлигини ошириш мақсадида, ҳар йили Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимида “Йил имоми” кўрик танлови ўтказилади. Ушбу анъанага мувофиқ, Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимидаги масжид имом-хатиблари ўртасидаги “Йил имоми – 2015” кўрик танловининг якуний – Республика босқичи 2015 йилнинг 3 ноябрь куни бўлиб ўтди. Танловда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри босқичларида ғолиб бўлган ўн тўрт нафар иқтидорли имом-хатиблар қатнашишди.

“Йил имоми-2015” кўрик танловининг якуний босқичи ҳар йилгиданда қизиқарли ва муросасиз кечди. Ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳоланган танловнинг якуний натижаларига кўра, 225 балл тўплаган Тошкент шаҳар Олмазор туманидаги «Тўхтабой” жоме масжиди имом-хатиби Бегматов Исоқжон биринчи ўринга сазовор бўлди ва Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг биринчи даражали дипломи, компьютер жамланмаси ва бошқа қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.
Иккинчи ўринга муносиб деб топилган, Самарқанд вилояти Самарқанд шаҳри “Хўжа Абду Дарун” жоме масжиди имом-ноиби Бахриев Қамариддин ва Тошкент вилояти Бекобод тумани «Чаноқ» масжиди имом-хатиби Бухорбоев Ёқубга Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг иккинчи даражали дипломи, телевизор ва бошқа қимматбаҳо совғалар тақдим этилди.
Учинчи ўринларга Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳар «Имом Эшон» жоме масжиди имом-хатиби Бахраматдин Разов ва Бухоро вилояти Бухоро шаҳар «Хўжа Исмат” жоме масжиди имом-хатиби Салоҳиддин Гадоев лойиқ кўрилди ва Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг учинчи даражали дипломи, микротўлқинли печ ва бошқа қимматбаҳо совғалар билан тақдирланишди. Танловда иштирок этган бошқа имом-хатибларга ҳам Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг қимматбаҳо совғалари топширилди.
Тўққизинчи бор имом-хатиблар ўртасида ўтказилган мазкур танлов ўтган йиллардагидан кўра ҳар томонлама юқори савияда ўтказилганлиги эътироф этилди. Танловда имом-хатибларнинг билим ва салоҳияти, нотиқлиги йилдан-йилга ўсиб, такомиллашиб бораётгани йиғилиш қатнашчиларида катта таассурот қолдирди.
Танлов якунида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Абдураззоқ Юнусов, Дин ишлари бўйича қўмита бўлим бошлиғи М.Юлдашев ўзларининг қимматли тавсиялари билан ўртоқлашиб хусусан, имомлар доимий ўз устида ишлаши, изланишда бўлиши ва бешикдан қабргача илм талаби билан яшашнинг нақадар бахт эканини таъкидлаб, имом хатиблар учун зарур бўлган долзарб кўрсатмаларини берди. Она Ватанимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлиги ва динимиз равнақига йўлида қилаётган хизматлари учун ташаккур билдириб, дуои-хайр билан тадбирга якун ясадилар.

Муҳаммадназар ҚАЮМОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими мудири

Суратлар: info.islom.uz

Кўпроқ янгиликлар