АҚШнинг Мичиган штатида истиқомат қилувчи Маргарет Том Бикем 97 ёшга чиққанида Гранд-Рапидс шаҳридаги католик Марказий ўрта мактабининг 1936 йилги битирувчилар учун берилган дипломни қабул қилиб олди. Бу ҳақда Inquisitr нашри хабар берган.

Хабарда айтилишича, ўша йилларда Бикем хоним оиласига ёрдам бериш зарурати туфайли ўқишни ташлаб кетишга мажбур бўлган.

Унга дипломни топшириш маросими Йоркшир ва Стоунбриж қўрғончасидаги қариялар уйида бўлиб ўтди. У ҳозирги вақтда айнан шу ерда яшайди.

Маросимда унинг қариндошлари ва дўстлари иштирок этди. У бошига академик қалпоқни кийган ва хурсандчиликдан йиғлаб юборган. Бикем хоним мактабнинг масъул шахсларига миннатдорчилик билдирган ва ўшанда ўқишни ташлаб кетиш қарорини қабул қилиш ўта қийин бўлганини сўзлаб берган.

"Бу қанчалик оғир бўлганини тасаввур ҳам қила олмайсиз. Мен мактабни яхши кўрардим, у ерда дўстларим жуда кўп эди", дейди у.


Руҳоний Грег Дежанинг айтишича, "Бикем хоним мактабни ташлаб кетган вақтида унинг юраги чилпарчин бўлганди, бугунги маросим эса унинг жароҳатларига малҳам бўлиши мумкин".

Маълумот учун, Бикем хоним мактабни 17 ёшида, саратон хасталигига чалинган онаси Кэтрин хонимнинг ёнида бўлиш учун ташлаб кетганди. У онасининг ўлимидан сўнг отаси Леонинг илтимосига кўра уч нафар кичик укаларига ғамхўрлик қилишига тўғри келган. У АҚШ армиясида кичик хизматчи сифатида ишлаган, кейинчалик 17 йил давомида Грейс черковида тарбиячилик қилган. Бу йиллар ичида унда ўқиш билан шуғулланиш учун имкон бўлмаган, шунга қарамасдан у таълимни якунлаб қўйиш умиди билан яшаб келган.

2015 йилда Бикем хонимнинг амакиваччасининг қизи мактаб маъмуриятига мурожаат қилиб, ушбу тарих ҳақида ҳикоя қилиб берган. Муассаса вакиллари аёлнинг орзусини рўёбга чиқариш мақсадида, орадан 80 йил ўтиб унга диплом топшириш маросимини уюштиришга қарор қилишди.
Маргарет Том Бикем оиласида икки фарзанд, тўрт невара ва бир эвара дунёга келган.