АҚШ аҳолиси бирор-бир динга камроқ эътиқод қила бошлади, дея хабар тарқатди Reuters агентлиги Pew Research Center изланишлари натижаларига асосланиб. Мутахассисларнинг аниқлашича, худога ишониши ҳақида маълум қилган катта ёшли америкаликлар сони 2014 йилда 89 фоизни ташкил қилган (2007 йилда 92 фоиз).

Худонинг борлигига мутлақ ишонувчи респондентлар сони эса 2007 йилдаги 71 фоиздан 2014 йилда 63 фоизгача пасайган.
Бундай ҳолат америкалик ёшлар ўртасида янада кучлироқ кузатилмоқда: сўровномада қатнашган 1990-1996 йилларда туғилган болаларнинг ярмигина худога мутлақо ишонишини билдирган, ушбу саволга 1928-1945 йилларда туғилганларнинг 71 фоизи ижобий жавобни берган.

Янги авлод вакиллари орасида ҳар куни ибодат қилишга камроқ мойил эканини қайд этишган (ҳар куни 39 фоизи ибодат қилади), бу пайтда катта ёшлиларнинг 67 фоизи ҳар кунлик тоат амалларини бажаришини маълум қилган. Шунингдек, тадқиқот муаллифлари ёш авлод диний хизматларга камроқ мурожаат этаётганини аниқлашди.

Шу ўринда, 77 фоиз америкаликлар ўзларини бирор-бир динга мансуб эканини маълум қилишган. Уларнинг учдан икки қисми ҳар куни ибодат қилиб, дин улар ҳаётида муҳим аҳамият касб этишини таъкидлашган.
2007 ва 2014 йиллардаги ҳар икки сўровномада ҳам 35 минг америкалик иштирок этган.