4-турнинг биринчи кунига “Реал Мадрид”- ПСЖ, “Шахтер” – “Мальме”, “Манчестер Юнайтед” – ЦСКА, ПСВ – “Вольфсбург”, “Астана” – “Атлетико”, “Бенфика” – “Галатасарой”, “Боруссия М” – “Ювентус”, “Севилья” – “Манчестер Сити” белгиланган.

"А" гуруҳи

00:45 “Реал М” – ПСЖ

Бу жамоаларнинг биринчи даврадаги ўйинида ҳисоб очилмаганди. Ўша учрашувдан мухлислар кўп нарса кутишганди. Лекин амалда кутилган ўйинни кузатганимиз йўқ. Энди бу гал ҳам мазкур беллашувдан мухлислар бошқача қаршиликни кутишмоқда. Қолаверса, “қироллик клуби”да жароҳат олганлар сафга қайтишди. Бу эса жамоани кучайтириши кутилади. Лекин парижликлар ҳам Мадридга шунчаки расмиятчилик учун келишмаган.

00:45 “Шахтер” – “Мальме”

3-турда ҳам ўзаро ўйин ўтказган “Мальме” ўша ва “Шахтер” ўйинида мезбонлар ғалаба қилганди. Инқироз давридаги “кончилар” ўз уйларида “Мальме”дан қасос олишга ҳаракат қилиб кўришади. Жамоа ҳозирча турнирда очко олмаган ягона жамоа бўлиб турибди.

"В" гуруҳи

00:45 “Манчестер Юнайтед” – ЦСКА

Ушбу жамоаларнинг биринчи учрашувида мухлислар икки таймда 2 хил ўйин гувоҳи бўлишганди. Биринчи бўлимда майдон эгалари устунроқ ҳаракат қилишган бўлса, иккинчи таймда “МЮ” вазиятни ўз томонига оғдира олганди. Ўйин қалин туман ичида бўлиб ўтиши ҳам мумкин, айни вақтда Англия росманасига "туманли альбион"га айланган.


00:45 ПСВ – “Вольфсбург”

“Вольфсбург” ўтган мавсум Бундеслигада кўрсатган ўйинини намойиш эта олмаяпти. Лекин ЕЧЛда жамоанинг ишлари яхши кетмоқда, "бўрилар" гуруҳда 6 очко билан пешқадамлик қилмоқда.

 

"С" гуруҳи

20:00 “Астана” – “Атлетико”

“Астана” бош мураббийи асосий эътиборини ички чемпионатга қаратган. Ўз имкониятларига тўғри баҳо берган мутахассис мамлакат биринчилигидаги ўйинларга урғу берган ҳолда ЕЧЛнинг олдинги турида Мадридга етакчи футболчиларини олиб бормаганди. Қозоғистонликлар мураббийи энди қандай йўл тутади? Ўз майдонидаги учрашувда ҳам тажрибали ўйинчиларини асраб қўйиб, бошқаларга имконият яратиб берадими ёки йўқ, буни тезда билиб оламиз.

00:45 “Бенфика” – “Галатасарой”

Мазкур қарама-қаршилик борасида турли тахминлар билдирилмоқда. Айни вақтда "Галатасарой" кучли ўйинлар намойиш этмаяпти, лекин таркибда кучли футболчилар жамланган.


"D" гуруҳи

00:45 “Боруссия М” – “Ювентус”

Ўтган йили ажойиб мавсумни ўтказган “Ювентус” бу йил А-сериада кўнгилдагидек иштирок этмаяпти. Лекин ЕЧЛнинг амалдаги финалчиси бу турнирда ҳам яхши натижалар қайд этмоқда. Фақатгина олдинги турда ўз уйидаги “Боруссия М” билан дуранг бундан мустасно. Кўрамиз, “Ювентус” туриндаги ҳисобни тасодиф эканлигини Германия исботлай олармикан?

00:45 “Севилья” – “Манчестер Сити”

Манчестердаги беллашувда майдон эгалари қийин аммо муҳим ғалабани қўлга киритишганди. Аммо испанияликлар ҳали ўз сўзларини айтмадилар деб умид қиламиз. “Севилья” уйида бошқача ўйин кўрсатишини барча жуда яхши билади.