АҚШнинг Аризона штатида яшовчи эркак ўзининг беш ёшли қиз набирасининг қўлига қурол бериб, ёлғиз ўзини чўлда қолдириб кетгани ҳуқуқ-тартибот идораси ходимларининг диққат марказига тушди. Reuters берган хабарга кўра 53 ёшли эркак ўз набирасини “қалин-қаттиққа” ўргатмоқчи бўлган.

Пол Арманд Рэтер (Paul Armand Rater) ўзининг қиз набираси билан 1 ноябрь куни, тонг саҳарда Бакай туманидаги уйларидан йўлга чиқишади. Орадан тўрт соат ўтиб, қизнинг онаси фарзандининг йўқолиб қолганидан шикоят этиб, полицияга мурожаат қилади. NBC News маълумотига кўра, ҳуқуқ-тартибот идораси ходимлари вертолёт ёрдамида қизни қидиришга тушишади.

Полициянинг аниқлик киритишича, қиз чўлда якка ўзи, қўлида ўқланган тўппонча билан топилади. Эркак киши болага бўлган қўпол муносабат ва унинг ҳаётига хавф солиш жинояти билан ҳибсга олиниб, Финикс қамоқхонасига юборилган.